Ўзбекистон ва Афғонистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент шаҳрида 2016 йилнинг 17 октябрида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисида»ги битим ҳамда 2017 йилнинг 5 декабрида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги шартнома кучга кирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ички ишлар вазирлиги манбасига асосланиб.
Ушлаб бериш тўғрисидаги битим жиноятни содир этишда гумонланаётган ёки айбланаётган шахсларни экстрадиция қилиш шартлари, экстрадиция қилиш тўғрисида сўровномани ўз ичига олган ҳужжатларга талаблар, бундай сўровнома юборилгунга қадар вақтинча қамоқда сақлаш шартлари ва муддатларини тартибга солади.
Мазкур битим икки давлат ўртасида жиноятчиликка қарши кураш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос бўлади ва жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга кўмаклашади.
Битимга кўра, ушлаб бериш бўйича барча масалалар юзасидан Ўзбекистон томони учун Бош прокуратура ва Туркия томони учун Адлия вазирлиги марказий масъул органлар ҳисобланади.
Юқоридаги шартнома эса томонлар ваколатли органлари ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ишларнинг судга тегишлилиги масалалари ҳамда ҳужжатлар, далиллар талаб қилиш учун сўровнома юбориш, суд жараёнларини ўтказиш, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш тартибини белгилайди.
Шартнома фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида фуқаролик ҳамда оила ишлари бўйича ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, тергов ва суд қилиш масалаларида икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари алоқаларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шартнома бўйича томонларнинг марказий органлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси учун – Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги;
Афғонистон Ислом Республикаси учун – Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги.
Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан, ушбу халқаро шартномаларни вазирлик ваколати доирасида амалиётга самарали татбиқ этиш мақсадида Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ва Халқаро ҳамкорлик бошқармаси масъул этиб белгиланди.