Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили билан музокаралар тўғрисида
2020 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича Махсус вакили Гарет Бэйли билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда бевосита афғонлараро музокараларни тезроқ бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Британия томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни хавфсизлик, тинчлик, барқарор ривожланиш ва умумий тараққиёт маконига айлантириш ташаббусини юқори баҳолади, бу эса минтақавий ҳамкорликни, жумладан, афғон инқирозини ҳал этишга кўмаклашиши қайд этилди.
Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, мамлакатда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Афғонистон масаласи бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик изҳор этилди.