БМТ Аҳолишунослик Фонди (ЮНФПА)нинг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда идоралараро ҳамкорлик" лойиҳаси доирасида онлайн учрашув ўтказилди
2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (ЎРҚ-561-сон) ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги (ЎРҚ-562-сон) Қонунлари қабул қилинган.
Ушбу қонунлар доирасида ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда хотин-қизлар аҳволини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимояланишини кучайтириш, жамият ривожи ва давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу сабабли, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш уларга нисбатан зўравонликни ҳар қандай турларига барҳам бериш мақсадида Республикамизда бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 23 июнь куни "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда идоралараро ҳамкорлик" лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикасида БМТ Аҳолишунослик Фонди (ЮНФПА) нинг Вакилининг ўринбосари Камолхон Иномходжаевлар ташаббуслари билан онлайн йиғилиш ўтказилиб, ушбу учрашувда Эшматова Феруза Фарҳодовна – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Баситханова Эльмира Иркиновна - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари ва полковник Абдуллаева Умида Хазратовна - Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи ҳамда “Опа-сингиллар”, “Умид” ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар иштирок этди.
Учрашувда, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар учун тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида, ишлаб чиқилган стандарт операцион тадбирларни акс эттирувчи тўплам лойиҳаси ўрганиб чиқилиб, таклифлар кўриб чиқилди, шунингдек жойларда ушбу йўналишлар бўйича семинар тренинглар ва ўқув-дарсларини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.