Финляндия рақамлаштириш соҳасида Ўзбекистон билан ўз тажрибасини бўлишишга тайёр
Мамлакатимизнинг Рига шаҳридаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев билан Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг Ташқи иқтисодий алоқалар бўйича Давлат котиби ўринбосари Нина Васкунлахти ўртасида видеоконференция шаклида музокара бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Онлайн мулоқотда икки мамлакат элчилари ва Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир жорий йилнинг 16 июнь куни бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Финляндия ҳукуматлараро комиссия 4-йиғилишининг мантиқий давоми бўлди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг муҳим жиҳатлари, хусусан, «G2G», «G2B», «B2B» шаклилардаги савдо, инвестиция ва инновацион шерикликнинг муҳим йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Онлайн мулоқотда Ўзбекистон – Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юқори баҳоланди. Хусусан, Нина Васкунлахти Финляндия рақамли ва илғор технологияларга эга мамлакат сифатида ахборот коммуникация ва инновациялар соҳасида Ўзбекистон билан ўз тажрибасини бўлишишга тайёр эканини таъкидлади.
Музокаралар якунида ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ахборот коммуникация ва рақамли яшил технологиялар соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида видеоалоқа шаклидаги музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.