Дин ишлари бўйича қўмита раиси ва муфтий Усмонхон Алимов Қирғизистонга борди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги делегация ташриф билан Қирғизистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати манбасига таяниб.
Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев бошчилигидаги мутасаддилар билан учрашди.
Ўтказилган мулоқотларда икки давлат ўртасида қарор топган кенг қамровли ҳамкорликнинг жорий ҳолати юқори баҳоланди. Шунингдек, қардош халқлар алоқаларини янада мустаҳкамлаш, турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Қайд этиш жоиз, ўтган Рамазон ойи ва Рамазон ҳайити байрами кунини белгилаш, намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламолар ҳамкорлиги ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.