Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари иқтисодий дипломатия соҳасидаги билимини оширмоқда
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Иқтисодий дипломатия департаменти томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) билан ҳамкорликда “Назария ва амалиётда иқтисодий ривожланиш: долзарб масалалар ва замонавий жиҳатлар” мавзусида вебинар ташкил қилинди.
Унда ЖИДУ профессор-ўқитувчилари ва Ўзбекистон ТИВ таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – илмий ҳамжамият вакиллари, иқтисодий дипломатия, иқтисодий интеграция, транспорт йўлаклари, экспорт ва инвестицияларни жалб қилиш соҳаларига ихтисослашган ташқи сиёсат ходимлари ўртасида ўзаро мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат. Шу орқали фикр алмашиш, илғор тажриба ва таклифлар билан бўлишиш, амалиётчиларнинг илмий доира вакиллари билан мунтазам асосдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун қулай замин яратилади.
Вебинарда мамлакат банк тизимини такомиллаштириш доирасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодий дипломатия соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, Ўзбекистоннинг иқтисодий интеграция бирлашмаларидаги иштироки, Марказий Осиёда транспорт йўлаклари каби мавзуларда маърузалар тақдим қилинди.
Тадбир давомида долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, бугунги кунда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш мақсадида иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичини инобатга олган ҳолда янги инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида дунё иқтисодий инқироз ёқасида турибди. БМТ прогнозларига кўра, пандемиядан кўриладиган зарар 8,5 триллион АҚШ долларига баҳоланмоқда, жаҳон иқтисодиёти эса 3,2 фоизга қисқаради. Бу 1930 йиллардан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
Янги таклифлар ишлаб чиқиш учун назарий ҳамда амалий билим ва кўникмаларни бирлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Вебинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.