Ташқи ишлар вазири “Ўзбекистон ва БМТ: барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро форумида иштирок этди ва сўзга чиқди
2020-йил 26-июн куни видеоконференсалоқа шаклида “Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди ва унда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов иштирок этди ва сўзга чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайти хабар беришича, табдир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми имзоланганининг 75 йиллигига бағишланиб, “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” номли глобал мунозаралар туркуми доирасида бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва БМТнинг мамлакатимиздаги Доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида ушбу тадбир Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан кўп томонлама ҳамкорликка тайёрлигининг далили эканлигини қайд этди.
Бундан 75 йил олдин БМТ Низомининг қабул қилиниши жаҳонда ўрнатилган ҳозирги тартибга мустаҳкам асос бўлди, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги глобал муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликнинг илғор тамойилларини белгилаб берди. Ушбу тарихий ҳужжат бугунги кунда 193 та давлатни бирлаштирган ўзининг қонунийлиги ва универсаллиги бўйича ноёб ташкилотга асос солди.
Вазир таъкидлаганидек, CОВИД-19 пандемияси натижасида юзага келган ва бутун дунйодаги миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатган ҳозирги глобал инқироз коронавирус тарқалишининг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги салбий оқибатларига қарши курашиш учун бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини тасдиқлади.
Бундай шароитда БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, дастурлари ва жамғармалари асосий ролни ўйнаши пандемияга қарши курашиш ва ёрдам кўрсатишда кўп томонлама ҳамкорликнинг самарадорлигини яна бир бор намойиш этди.
Вазир Ўзбекистоннинг БМТ билан 28 йиллик конструктив ҳамкорлиги муҳим воқеаларга бой бўлганини таъкидлади. БМТнинг юқори минбаридан мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда, глобал тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш, умумий тинчлик, барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамжиҳатликни таъминлашга салмоқли амалий ҳисса қўшмоқда.
Сўнгги уч йил ичида бизнинг БМТ билан ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Олий даражада мунтазам мулоқотлар ўрнатилган ва давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга қатъий содиқдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган 2017-2021-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БРМ билан тўлиқ мос келади. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида қайд этганидек, “икки ҳужжатни “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган бош тамойил бирлаштиради”.
Таъкидланганидек, 2018-2019-йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган Марказий Осийода тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таʼминлаш, маърифат ва диний бағрикенглик, минтақавий туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга оид учта резолюция БМТ Бош ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқулланиши Ўзбекистоннинг БМТ фаолиятига қўшаётган ҳиссасининг эътирофи бўлди.
Абдулазиз Камилов Ўзбекистон шу билан чегараланиб қолиш ниятида эмаслигини баён этди. Бугунги кунда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни тайёрлаш ва келишиш бўйича музокаралар жараёнини бошлаш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. 2021-2023-йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистоннинг номзоди илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу ойда Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли “Йўл харитаси” тасдиқланди, у кўп қиррали ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини ўз ичига олади.
“Биз БМТ халқаро муносабатларда бундан кейин ҳам марказий мувофиқлаштирувчи ролни ўйнашига ишонамиз. Ўз навбатида, Ўзбекистон БМТ фаолиятига ҳисса қўшишни давом эттиришга, халқаро кун тартибини амалий тадбиқ этиш учун унинг ихтисослашган муассасалари ва аъзо давлатлари билан яқин шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қатъий содиқдир”, - дея якунлади вазир.