Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида илк бора Япония ҳукумати дастури ғолиблигини қўлга киритди
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тоттори Университети профессори Кристина Тодерич ҳамкорлигида SATREPS-2020 (Япония) танловига тақдим этилган лойиҳа молиялаштиришга тасдиқланди.
Ушбу лойиҳа Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) томонидан танлаб олинган 10 та халқаро лойиҳадан энг яхши лойиҳа деб топилди.
«Оролбўйи минтақасида тупроқнинг шўрланишига қарши кураш, ернинг унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги ушбу лойиҳа – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Киотo Университети профессори Кенжи Танака ва доктор Темур Хўжаназаров ҳамда Япониянинг етакчи 8 та университети олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон томонидан – «УзГИП» МЧЖ, Гидрометереология маркази, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент Аграр университетининг Қорақалпоқ филиали, Нукус давлат университети, ҳамда хусусий сектор вакиллари – Қорақалпоғистон Республикасидан PANAEV FARMS ва "AKMANGIT-LAKRITSA" ташкилотлари жалб этилган.
SATREPS – халқаро тадқиқотларни ҳамкорликда ривожлантириш мақсадига қаратилган Япония давлат дастури бўлиб, ушбу дастур Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда қабул қилувчи давлат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик асосида ташкил этилган.
Мазкур дастурга JST Агентлиги томонидан 2020 молиявий йил учун уч соҳада – атроф-муҳит/энергетика, биоресурслар ҳамда табиий офатларнинг олдини олиш ва юмшатиш бўйича фаолият юритувчи Япония тадқиқотчиларидан 95 та лойиҳа тақдим этилди. Ушбу дастур доирасида ташқи экспертлардан иборат қабул комиссияси томонидан 10 та лойиҳа – Осиё тадқиқотчилари билан ҳамкорликда 5 та, Африка билан 2 та, Жанубий Америка билан 2 та ва Европа билан ҳамкорликдаги 1 та лойиҳа танлаб олинган.
SATREPS дастурида рақобат жуда кучли бўлиб, у қатъий илмий ва техникавий тамойиллар бўйича бир неча босқичларда ўтказилди. Барча тақдим этилган лойиҳаларнинг фақат 10 фоизигина якуний танловга етиб келади.
Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Оролбўйи халқаро инновация марказининг ушбу лойиҳаси юқори баҳоланди. Таъкидлаш лозимки, SATREPS дастури Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда биринчи марта амалга оширилади. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги лойиҳа биринчи марта мазкур дастурда танлаб олинди, натижада Ўзбекистон SATREPS дастури учун танлаб олинган 51 давлат рўйхатига кирди.
Ушбу лойиҳада Оролбўйи минтақасида ерларнинг унумдорлигини ошириш ва сувдан фойдаланиш имконияти чекланган маҳаллий аҳолининг фаровонлигини яхшилаш мақсадида замонавий иқлим ўзгаришларини кузатиш марказини ташкил этиш, метеорологик мониторинглар олиб бориш, шунингдек шўрланган шароитда қишлоқ хўжалигига янги япон технологияларини жорий этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа кучли шўрланган шароитда, айниқса Амударё дельтасида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган талабларни ҳисобга олган ҳолда метеорологик кузатувлар ва тўғридан-тўғри прогнозлашнинг янги тизимини яратишга, шунингдек экинларни диверсификация қилиш ва алмашлаб экишнинг энг яхши маҳаллий ва япон технологияларини кенгайтиришга, қўшилган қийматни баҳолаш ва тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маркетингини олиб боришга йўналтирилган. Лойиҳани амалга ошириш тўғридан-тўғри иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш сифатини барқарор ривожлантиришга қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги