Қирғизистон телеканалида Ўзбекистон ҳақида телекўрсатув эфирга узатилди
Қирғизистоннинг машҳур «Пирамида» телеканалида "Дўстлик кўприги" телекўрсатуви доирасида Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
40 дақиқалик ҳужжатли фильм қирғиз жамоатчилигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда жамиятнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан таништириб, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқалар фаоллашгани, шунингдек, мамлакатимизнинг туризм имкониятлари ҳақида ҳикоя қилинади. Юртимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига иштироки нуқтаи назаридан ташқи сиёсатнинг ривожланаётгани қайд этилади.
Фильмда "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларига алоҳида эътибор берилган.
Шунингдек, кўрсатув муаллифлари Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасида бўлиб ўтган тадбирлар, шу жумладан Қирғизистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Йил одами”, деб топилгани муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовга ушбу унвонни топшириш маросими ҳақида сўзлаб беришди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу дастур “Turkel” медиа агентлиги томонидан тайёрланган. Кўрсатув агентлик вакиллари Х.Халилов ва Р.Мершедиоглунинг мамлакатимиз турли ҳудудларига ташрифлари чоғида суратга олинган. Ушбу сафар Ўзбекистоннинг Бишкекдаги дипломатик ваколатхонаси томонидан мамлакатимиз Ташқи ишлар ва Маданият вазирликлари, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган эди.
“Turkel” медиа агентлиги Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон ва Туркияда 2003 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Мунтазам равишда "Altin Köprü" журнали ("Олтин кўприк"), «Turkel» газетаси ва «Goldenbridgenews» ахборот агентликларининг махсус сонини чоп этади. “Turkel” агентлигининг медиа маҳсулотлари «Манас» радио тўлқинларида ва “Пирамида” биринчи тижорат телерадиокомпаниясининг "Дўстлик кўприги" ҳафталик дастурида намойиш этилади.