Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди
Президентнинг тегишли фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади.
Бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари ҳам Агентликнинг ваколатлар доирасига киради.
Бундан ташқари, Агентликка давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш вазифаси юкланади.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак»лигини таъкидлаб, ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этганди.