Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий сессиясида Ўзбекистон тажрибаси тингланди
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Европа ва Марказий Осиёда коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш масалаларига бағишланган навбатдаги минтақавий сессияси ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Видеомулоқот шаклида ташкил қилинган тадбирда Швейцария, Швеция, Португалия, Бельгия, Хорватия, Испания, Россия ва Грузия давлатларининг меҳнат муносабатлари вазирлари, иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари ва меҳнат бозори иштирокчилари қатнашмоқда.
Тадбирнинг биринчи куни Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов иштирок этди. Ўз нутқида меҳнат бозорида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича миллий тажриба ҳақида сўзлаб берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ХМТ кўмагида COVID-19 нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб боряпти. Таҳлилларга кўра, пандемия иқтисодиётнинг хизмат кўрсатиш, қурилиш каби қатор соҳалари, кичик бизнесда фаолият юритаётган ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига салбий таъсир кўрсатди.
Мамлакатимизда инқирозга қарши амалга оширилган чоралар ХМТнинг пандемияга қарши кураш борасида ишлаб чиққан тўрт асосий тамойилларига тўла мос келади. Юртимиздаги саъй-ҳаракатлар иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари, улар даромадлари, иш ўринларини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, меҳнат муносабатлари иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ўзаро ижтимоий мулоқотга қаратилгани билан аҳамиятли.
Видеомулоқотда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳақида маълумот берилди. Умумий маблағлари 10 триллион сўмни ташкил қиладиган фонд фаолияти аҳоли ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шунингдек, анжуманда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоатчилик жамғармаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан турмуш шароити оғир оилалар бандлигини таъминлаш орқали улар даромадларини яхшилаш тартиби ишлаб чиқилди. Жамоатчилик жамғармаси маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз ҳамюртимиз иш билан таъминланди, 33 мингдан зиёд оилага шахсий томорқани ривожлантириш ва қишлоқ хўжалик кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар берилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг нафар ҳамюртимиз иш билан таъминланди, 20 минг кишига ишсизлик нафақаси берилди. Шу тариқа, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уч ой давомида 374 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Айни вақтда ХМТ Ўзбекистон меҳнат бозорида муҳим ташаббусларни амалга оширишда ўз иштирокини давом эттирмоқда. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янгиланган лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун тақдим этилди. Миллий бандлик стратегиясини ишлаб чиқиш ишлари давом эттирилмоқда.
Вазирнинг билдиришича, давлат меҳнат инспекциялари манфаатдор идоралар билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизими мониторингини йўлга қўйди. Шу кунга қадар мониторинг гуруҳлари 5 минг 757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини қайд этди, муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берди.
Сессияда COVID-19 пандемияси даврида давлат меҳнат инспекциялари фуқаролар қонуний манфаатлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 минг шикоятни кўриб чиқди. Шундан 3 мингтаси хотин-қизлар томонидан юборилган. Ўрганишлар натижасида 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг нафар хотин-қизнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Онлайн учрашувда коронавирус пандемияси шароитида меҳнат қонунчилигини қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлгани айтиб ўтилди. Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий тартибга мослаштиришди. Бундай иш тартибига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этди.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги, гендер тенглиги, иқтисодий фаолиятнинг барча жабҳаларида меҳнат муносабатлари иштирокчилари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш ишлари давом эттирилмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон ХМТнинг 29-сонли Меҳнат Конвенциясига Протоколни ратификация қилган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлди. ХМТнинг «Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида», 129-сонли «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат назорати тўғрисида» ва 81-сонли «Саноат ва савдо соҳасидаги меҳнат назорати тўғрисида»ги учта конвенцияси ратификация қилинди. Бу эса ушбу соҳаларда бандлик ва ишчи кучи мониторингини кучайтиришга имкон яратди.
Айни пайтда ХМТнинг «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга товон пули тўлаш тўғрисида»ги 17-сонли, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилдаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисида» 183-сонли ҳамда «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида» 187-сонли навбатдаги учта конвенциясини ратификация қилишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Коронавирус пандемиясининг дунё миқёсида кенг тарқалиши миллионлаб ишчилар ва корхоналарни хавф остига қўйиб, меҳнат бозорларининг заифлигини кўрсатди. Мунозаралар якунида ХМТнинг келгуси фаолияти бўйича минтақавий таклифларни ишлаб чиқиш, жумладан, кейинги стратегик режа ва тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 ва 7-9 июль кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти Глобал Саммитининг минтақавий ва халқаро тадбирлари ўтказилади. Мазкур тадбирлар доирасида коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини бартараф этиш, COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда меҳнат бозорини тиклаш масалалари муҳокама қилинади.
Маҳмуд Бобоназаров,
"Дунё" АА