Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Халқаро зайтун кенгаши йиғилишида иштирок этди
Жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Халқаро зайтун кенгаши (ХЗК)нинг видеоконференция шаклидаги 111-сессия ишида кузатувчи мақомида иштирок этди.
ХЗК 1959 йили ташкил этилган. Штаб-квартираси Испания пойтахти Мадрид шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда 44 мамлакат мазкур ташкилотга аъзо бўлиб, ушбу мамлакатлар зайтун ишлаб чиқарувчиларнинг 98 фоизини ҳамда зайтун ва зайтун мойи савдоси бозорининг 80 фоизини қамраб олади. Ҳозирги пайтда Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари, шунингдек, Албания, Жазоир, Аргентина, Буюк Британия, Миср, Грузия, Исроил, Иордания, Эрон, Ливан, Ливия, Марокаш, Фаластин давлати, Тунис, Туркия, Уругвай ва Черногория ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий вазифаси ташкилотга аъзо давлатларга зайтун саноатини ривожлантиришда кенг молиявий ва техник ёрдам кўрсатишдир.
Ташкилот селекцион материаллар, мутахассислар, илғор агротехника усуллари ҳамда зайтунни етиштириш ва қайта ишлашда умумий халқаро стандартларни қабул қилиш йўли билан зайтун ва зайтун мойи ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ягона платформадир.
Вазир Жамшид Ходжаев ўз нутқида Ўзбекистонда зайтун саноатини ривожлантириш учун истиқбол мавжудлигини ва ўзбек фермерларининг ушбу экинни етиштиришга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, у минтақамиз учун янги ноанъанавий экинлар етиштириш орқали мазкур тармоқнинг қўшимча қиймат занжирини яхшилаш ва қишлоқ жойларида яшовчи аҳоли фаровонлигини ошириш учун қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишнинг ўта муҳимлигини айтиб ўтди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси мамлакат учун янги саноатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқаро Зайтун кенгашига тўла ҳуқуқли аъзолик масаласини кўриб чиқмоқда.
Йиғилиш давомида ХЗК мамлакатлари, хусусан, Грузия, Туркия, Исроил, Миср, Ливан, Аргентина, Уругвай ва ЕИ мамлакатлари Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот ишидаги ташаббуси ва қизиқишини самимий қўллаб-қувватладилар ҳамда амалий ёрдам беришга ва зайтунчиликни ривожлантиришда тажриба алмашишга тайёрликларини билдирдилар.
Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши шу йилнинг ноябрь ойида Иорданияда ўтказилиши режалаштирилмоқда.