Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Туркия элчиси билан минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги жорий вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бугун, 2 июль куни Туркия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, суҳбат чоғида минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан Афғонистондаги жорий вазият муҳокама қилинди.
Тинчлик музокаралари жараёнини бошлашнинг муҳимлиги, шунингдек, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси, “Осиё юраги - Истанбул жараёни” форуми ва бошқалар афғон муаммосини ҳал қилишда ҳамда Афғонистоннинг ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмасини бутун афғон халқи манфаати учун тикланишида тутган ўрни қайд этилди.
Туркия томонига тинчлик сиёсий жараённи бошлашига кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чоралар, шунингдек, Афғонистонда амалга оширилаётган транспорт-коммуникация лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, Афғонистонни коронавирус пандемиясига қарши курашда қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
Афғонистон йўналиши бўйича ўзаро яқин ҳамкорлик қилиш, хусусан, ушбу мамлакатда инқирозни тинч йўл билан ҳал этишнинг мақбул йўлларини топиш тўғрисида келишувга эришилди.