Ҳиндистон фармацевтика компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов 2 июль куни Ҳиндистоннинг «Kusum Healthcare» фармацевтика компанияси бош директори Санжив Гупта билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.
«Kusum Healthcare» компанияси 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, гинекологик, ортопедик, дерматологик, ревматологик, неврологик, гастроэнтерологик, урологик ва бошқа касалликларни даволаш учун кенг турдаги дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳиндистонда учта, Украинада битта ишлаб чиқариш корхонаси бор, маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб сотилади.
Ушбу компания 2005 йили мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган эди. Бугунги кунда бу ерда 120 дан ортиқ ходим ишлайди.
Санжив Гупта Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит, малакали кадрлар, яхши хомашё ва инфратузилма имкониятлари каби бир қатор омилларга асосланиб, компаниянинг фаолиятини кенгайтириш ниятида эканини таъкидлади. У Тошкент вилояти Зангиота туманида ташкил этилган «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида талаб юқори бўлган антибиотиклар, замбуруққа қарши, антиревматик ва оғриқ қолдирувчи дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширмоқчи эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун томонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти иштирокида қўшимча музокаралар ўтказишга келишиб олди.
Манба: ЎзА