Урганч давлат университети ва Ғарбий Аттика университети вакиллари икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистоннинг Афинадаги Бош консуллиги кўмагида Урганч давлат университети ва Ғарбий Аттика университети раҳбарлари (Греция) ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар беради «Дунё» мухбири.
Мазкур видеоконференцияни ўтказишдан мақсад тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорликнинг асосий йўналишларини аниқлаш ва қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат.
Учрашув давомида грек томони Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти юқори эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар ва мутафаккирлар, хусусан, буюк аллома Ал-Хоразмий ватани эканлиги таъкидланди.
Музокаралар доирасида икки университетнинг тақдимотлари ўтказилди. Шунингдек, олий ўқув юртлари раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзбекистонлик талабалар ва ёш олимлар учун тренинглар ҳамда малака оширишни ташкил этиш бўйича батафсил фикр алмашилди.
Хусусан, сув таъминотини бошқариш, тупроқшунослик, муҳандислик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, экология, муқобил энергия каби ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишлари белгиланди. Бундан ташқари, ҳамкорлик Европа Иттифоқининг тегишли илмий ва таълим лойиҳалари доирасида икки томонлама асосда, илмий марказлар ўртасида ва ёш олимлар алмашинуви бўйича шартномалар тузиш орқали амалга оширилиши қайд этилди.
Лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий муаммоларини ҳал қилиш учун томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда ёки Грецияда фаолият юритувчи йирик Европа ва ўзбек компанияларидан сармояларни жалб қилишга келишиб олдилар. Шу билан бирга, Греция томони ушбу соҳалардаги илмий лойиҳаларда иштирок этиш учун Европа компанияларини жалб этиш масалаларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Ғарбий Аттика Университети (UNIWA) собиқ Афина Технология Институти, Пирейнинг Амалий фанлар университети ва Миллий соғлиқни сақлаш мактабининг бирлашиши натижасида ташкил этилган жамоат университетидир.
«UNIWA» Грециядаги учинчи йирик университет бўлиб, таълим муассасасида 52000 га яқин талаба таҳсил олади. Унирситетда 1150 аспирант ва 400 докторантлар фаолият кўрсатади. «UNIWA»да 27 кафедра, олтита факультет бор. Уларда муҳандислик, соғлиқни сақлаш, менежмент, иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат фанлари, амалий санъат ва маданият соҳаси учун мутахассислар тайёрланади. Олий таълим муассасасида, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларига ҳам жуда кўп маблағ ажратилади. Университет олимлари Греция ҳукумати ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган қатор тадқиқот дастурларда фаол иштирок этадилар.