Ўзбекистон ва Британия фармацевтлари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди
Британиянинг «Crown Agents» компанияси билан онлайн музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинган тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, «Ўзтекстильсаноат» уюшмаси, элчихона ҳузуридаги Текстиль маҳсулотлари бўйича реклама ва маркетинг агентлиги раҳбарияти, «Jurabek Laboratories», «Samarqand England Eco-Medical», «Uzgermed Pharm», «Nobel Pharmsanoat», «Medprotect Technology» ва бошқа маҳаллий корхоналар вакиллари иштирок этди.
Онлайн тадбирда «Crown Agents» компаниясининг Осиё ва Африка минтақалари бўйича директори Брайан Ричмонд, Марказий Осиё бўйича офиси раҳбари Лариса Кокарева ва Украинадаги вакил Татьяна Коротченко ҳам қатнашди.
«Crown Agents Ltd» — Британия компанияси тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини сотиб олиш ва етказиб беришга ихтисослашган. 1833 йилда ташкил этилган корхонанинг бош офиси Лондонда жойлашган. Айни пайтда компания жаҳондаги 100 дан ортиқ давлатлар, БМТ, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Онлайн музокараларда «Crown Agents» компаниясининг МДҲ, хусусан, Россия ва Украинадаги 25 йиллик фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг «Crown Agents» компанияси таъминот занжирида иштирок этиши маҳсулотларни хориж бозорига халқаро сифат стандартларига мувофиқ экспорт қилиш имконини беради.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев ўз чиқишида Ўзбекистон дори-дармон, шахсий ҳимоя воситалари, шунингдек, биологик фаол қўшимчаларни экспорт қилиш бўйича катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
“Ўзбекистон компаниялари маҳсулотлари сифати хорижда ишлаб чиқарилган шу турдаги маҳсулотлардан асло қолишмайди”, деди у.
Музокаралар якунида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини «Crown Agents» компанияси савдо тармоқларида сотиш бўйича ахборот алмашиш орқали музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.