Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистонда ўз миссиясини якунлаётган Ҳиндистон элчиси билан учрашув ўтказилди
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Жанинг мамлакатимиздаги миссияси якунланаётгани муносабати билан Инновацион ривожланиш вазирлигида учрашув ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов билан мулоқотда ўтган давр мобайнида вазирликнинг ҳиндистонлик ҳамкорлар билан амалга оширган ишлари натижаси муҳокама қилинди.
Хусусан, мамлакатимизнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Ҳиндистоннинг Фан ва технологиялар вазирлиги ўртасида имзоланган меморандум доирасида «2019-2022 йилларда фан, технология ва инновация соҳасида ҳамкорлик дастури» тасдиқланган. Унга кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон – Ҳиндистон илмий-техник лойиҳалар танлови эълон қилинди. Шунингдек, ҳар йили 20 дан ортиқ қўшма илмий-техник лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Бундан ташқари, 22 нафар ёш ўзбекистонлик олимлар Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида қисқа муддатли стажировкалар ўташди.
Элчихона кўмагида Ҳиндистоннинг йирик стартап акселераторлари — «iCreate» (International centre for entrepreneurship and technology) ҳамда «DevX» компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бугунги кунда мазкур акселераторларнинг етакчи мутахассислари иштирокида юртимиз стартапчилари учун қатор семинар ва конференциялар ўтказилмоқда.
Учрашувда, шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида “Йўл харитаси”га кўра амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ижроси таҳлил қилинди, мазкур вирусга қарши препаратлар яратиш бўйича тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга мулоқот давомида инновация ва илм-фан соҳаларидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ҳиндистоннинг Европа Иттифоқидаги элчиси этиб тайинланган Сантош Жанинг келгуси ишларига муваффақият тилади.