Халқаро шарҳ: «Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида»ги Қонун сармоядорлар учун қулай тизим яратади
Ўзбекистондаги ўзгаришлар чет эллик шериклар — сиёсатчи, ишбилармон, эксперт ва таҳлил доира вакиллари, олимларнинг катта қизиқишига сабаб бўляпти. Ўзбекистонда маҳаллий ва чет эллик ишбилармонлар учун янги имкониятлар тақдим этилаётгани, иқтисодиётга алоҳида эътибор қаратилаётгани халқаро жамоатчилик томонидан ҳам ҳақли эътироф этилмоқда.
Хусусан, Гаага ҳуқуқ ва арбитраж марказининг (ГҲАМ) катта ҳамкори, таниқли европалик ҳуқуқшунос Али Мароусининг «Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига шарҳлари Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришларга нисбатан чет элда билдирилаётган қарашларни ўзида акс эттиради.
Гаага шаҳрида жойлашган ГҲАМ дунёнинг 200 га яқин малакали ҳуқуқшуносларини бирлаштиради. Марказ турли соҳаларда юридик ва ҳакамлик хизматларини кўрсатади. Халқаро ҳуқуқ, савдо ва инвестиция, воситачилик ва арбитраж, юридик экспертиза ва таваккалчиликни бошқариш каби соҳаларда ўқув курслари, конференциялар ҳамда семинарларни ташкил этади.
Али Мароуси ўз шарҳида қонун нуқтаи назаридан энг муҳим таҳлилларни тақдим этган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида хорижий инвестициялар учун нисбатан янги ва замонавий қоидалар тўплами яратилган. Дунёнинг турли мамлакатларидаги компаниялар ва инвесторларни жалб этиш учун иқтисодий зоналар ва бизнес-марказлар кенгайтирилди.
“Ушбу қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвестицияларнинг кириб келишига ва халқаро савдонинг кенгайишига хизмат қиладиган муҳим қадам бўлди. Ҳужжат қоидалари инвесторларга қулай тизимни яратишга қаратилган. Бу шубҳасиз инвестициялар хавфсизлигини оширади ва хорижий инвесторларни рағбатлантиради”, деб ёзади эксперт.
Али Мароуси қонун нафақат рағбатлантиришни, балки хорижий инвестицияларни миллийлаштириш, экспроприация ва ҳар қандай ноқулай ҳуқуқий ҳодисалардан ҳимоя қилишга қаратилганига ҳам эътибор қаратади.
«Ушбу ҳужжат ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган тегишли сиёсий чора-тадбирлар хорижий инвестицияларни жалб қилиш жараёнидаги улкан ютуқдир», деб қайд этади муаллиф ўз шарҳида.
Шу билан бирга, Али Мароуси, бир қарашда энг мукаммал кўринсада, ҳар қандай ҳужжатда камчиликлари бўлиши мумкин ва улар амалиётда намоён бўлади, деб таъкидлайди.
Шарҳда, шунингдек, ушбу қонун билан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни аниқлаш, имтиёзлар бериш, инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сармоядор учун қонун ҳужжатларидаги салбий ўзгаришларнинг олдини олиш кафолатлари, соҳасини тартибга солиш, инвестицияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсад ва усулларидаги ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Маслаҳат ва ахборот таъминоти, инвестиция солиқлари, ҳукумат билан инвестиция шартномасини тузиш, низоларни ҳал этиш юзасидан фикрлар баён қилинади.
Мутахассис мазкур қонун ушбу йўналишдаги муаммоларга ечим бўлишини қайд этиб, бу борадаги ишлар келажакда халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда янада яхшиланиши мумкин, деган хулосани беради.
Шарҳ якунида Али Мароуси шундай деб ёзади: «Инвестициялар ва инвестициявий фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, уни бошқариш жараёнидаги тадрижий юксалишни рағбатлантиради. Бироқ, ҳар қандай янги қонуннинг афзаллик ва камчиликлари тўғрисида тўлиқ хабардор бўлиш учун уни амалиётга жорий қилиш, адвокатлар ва йирик сармоядорлар иштирокида таҳлил қилишни давом эттириш зарур».
Мутахассис, шунингдек, ГҲАМ жамоаси ҳозирги вақтда мазкур қонуннинг ҳар бир қисми бўйича алоҳида таҳлиллар олиб бораётгани ва яқин вақтларда батафсил ҳисоботни эълон қилишини қайд этган.