Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бельгия Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама масалалар бўйича бош директори билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов сешанба куни видеоконференцалоқа шаклида Бельгия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама масалалар бўйича бош директори Аник Ван Калстер билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги сайти хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар турли даражаларда ўзаро ташрифларни ташкил этиш йўли билан сиёсий мулоқотни фаоллаштиришнинг зарурлигини қайд этдилар. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон томони эпидемиологик вазият яхшиланиши билан икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 7-раундини Тошкент шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларга алоҳида эътибор қаратишнинг муҳимлиги таъкидланди, икки томонлама савдо ҳажмларини оширишга кўмаклашиш механизмлари кўриб чиқилди.