Жанубий Корея Эксимбанки раиси билан Ўзбекистонда лойиҳалар портфелини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жанубий Кореянинг Эксимбанки раиси Банг Мун-кью билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Учрашув қўшма лойиҳаларни амалга ошириш суръатларига ҳамда Ўзбекистонда Эксимбанкнинг лойиҳалар портфелини кенгайтириш истиқболлари муҳокамасига бағишланди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда мазкур банк маблағлари ҳисобига умумий қиймати 2,1 миллиард долларлик 17 та қўшма лойиҳа амалга оширилди. Шу билан бирга лойиҳалар молиялаштиришнинг жадал ўсиши асосан 2017-2020 йилларда кузатилмоқда.
Банк раҳбарияти жорий эпидемиологик вазиятнинг жаҳон иқтисодиётига таъсирига қарамасдан, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш суръатларига иқтисодий омилларининг салбий таъсирини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилди.
Ишчан руҳда кечган мулоқотда кенг доирадаги масала ва таклифлар ўрганилди. Томонлар 2019 йилда Банк томонидан маъқулланган қатор лойиҳалар учун қарз шартномаларини имзолашни тезлаштиришга келишиб олди.
Бундан ташқари, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери, катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, саратон клиникаси, тиббий йўналишидаги олий таълим муассасаси ва кимёвий технологиялар марказини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича қурилиш ишларини бошлаш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш, маслаҳатчилар ва пудратчиларни танлаш жараёнини тезлаштиришга келишилди.
Шунингдек, Жанубий Корея томони Ўзбекистон билан молиявий-техник ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Жанубий Корея Эксимбанки қошидаги «EDCF» жамғармаси биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни бошлаш ва имтиёзли молиялаштириш дастурини 500 миллиондан 1 миллиард долларгача оширишга келишиб олинди.
Жанубий Кореянинг Эксимбанкини Ўзбекистондаги инфратузилма лойиҳалари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни молиялаштиришга жалб этиш бўйича келишувга эришилди. Ўз навбатида, Корея Республикаси томони тақдим этилган лойиҳавий таклифларни ўрганиб чиқишини тасдиқлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшма жамғарма ташкил этиш муҳокама қилиниб, унинг концепциясини яқин келажакда ишлаб чиқишга келишилди.
Шунингдек, банк раҳбарияти ҳар икки мамлакат тадбиркорлари иштирокидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш учун қўшимча кредит линиялари ажратиш орқали Ўзбекистон тижорат банклари билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқади.
Учрашув натижасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳокама этилган йўналишлар доирасида устувор вазифалар белгилаб олинди.