«JICA» Ўзбекистонда «STEAM» таълимини ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев «JICA»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Такасака Мунео бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири агентлик манбасига асосланиб.
Унда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Агентлик раҳбари учрашув доирасида икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича ўз фикрлари билан бўлишди.
Ўзбекистон томонининг фикрига кўра, икки агентлик таълим дастурлари ва таълим сифатини такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, япониялик ўқитувчиларни «PIIMA» таркибига кирувчи мактабларга, жумладан, япон тилини ўқитиш учун жалб қилиш каби масалаларда ҳамкорлик қилишлари мумкин.
Томонлар «PIIMA» мактаблари битирувчиларининг Япониянинг етакчи университетларида ҳамкор мамлакат грантлари ҳисобига таълим олишларини ташкил қилиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбари «JICA»га Ўзбекистонда «STEAM» таълимини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни таклиф қилди.
Ўз ўрнида, «JICA»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Такасака Мунео ташкилот томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.
Япония томонига мактаблар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифи маъқул келди. Япония вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистон мактаблари билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган кўплаб япон мактаблари бор.
Музокаралар якунида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чекловлар ечилганидан сўнг барча лойиҳалар бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишилди.