«Masche» журнали: Ўзбекистоннинг 950 дан ортиқ тўқимачилик корхоналари ўз маҳсулотларини чет элга экспорт қилмоқда
Трикотаж ва кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи Германия уюшмаси нашри бўлган “Masche” иқтисодий журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонда тўқимачилик ва кийим-кечак саноатини ривожлантириш, соҳанинг инвестиция имкониятлари ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон бугунги кунда дунёга ўзининг тўқимачилик саноатидаги улкан салоҳияти, қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантиришдаги интилишлари билан танилмоқда.
Нашрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тармоқни ривожлантиришнинг ўрта муддатли истиқболлари, беш йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари, жумладан, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган заводлар ташкил этиш белгилангани қайд этилади.
“Бугунги кунда Ўзбекистон ип-калавадан тортиб то тайёр маҳсулотгача бўлган кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Мамлакатда 825 та корхона тўқимачилик маҳсулотларини, 6 минг 750 таси эса тикувчилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаради, 950 дан ортиқ корхона эса ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда, дея мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати ҳақидаги маълумот келтирилади немис журналда.
«Masche» нашри Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, 2025 йилга келиб мамлакатда етиштирилаётган пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилганини қайд этади. Тўқимачилик саноати экспорти 2019 йилда 7,1 миллиард АҚШ долларига (жумладан пахта толаси) нисбатан 2,2 миллиард АҚШ долларига ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ўтган йили тармоқнинг экспорт кўрсаткичлари (пахта толасини ҳисобга олмаганда) 25,3 фоизга ортиб, 1,6 миллиард АҚШ долларидан ортиғни ташкил этган бўлиб, Россия, Хитой ва Туркия асосий импортчилар сифатида кўрсатилади.
Таъкидланишича, жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон GSP + преференциялар режимини олиш учун Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулотларни етказиб бериш учун ариза берган. Ушбу режим Ўзбекистонга тақдим этилган тақдирда, миллий тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига олиб киришда ноль тарифлар қўлланилади.
Мақолада, шунингдек, ҳукуматнинг инвестиция дастури ва солиқ имтиёзлари ва преференциялар билан яратилган кўплаб махсус иқтисодий зоналар хорижий компанияларга ўзаро манфаатли ривожланиш учун катта имкониятлар яратилаётгани келтирилади.
“Хитой, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Сингапур, Германия, Швейцария ва бошқа давлатлардан келган инвесторлар Ўзбекистонда тўқимачилик ва кийим-кечак саноатини модернизация қилишга катта қизиқиш билдирмоқда”, деб ёзади мақола муаллифи.
Мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистонда пахта ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли дастур устида иш олиб бораётган Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) фаолияти ҳам Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг муваффақиятли мисолларидан бири сифатида келтирилган. Шунингдек, “Ўзбекистон тез орада сертификатланган маҳсулотларни катта ҳажмда тақдим этишни йўлга қўйиши мумкин”, дейилади мақолада.
Мақола муаллифлари 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон пахта теримчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш амалиётидан мақсадли равишда воз кечгани ва болалар меҳнатидан фойдаланишни бутунлай чеклаганини ҳам таъкидлайди. Шу билан бирга, пахта теримчиларининг иш ҳақи 2017 йилдан буён деярли икки баробарга оширилгани айтилади.
Мақолада Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2020 йилнинг февраль ойида эълон қилинган ҳисоботга ҳам тўхталиб, бу соҳада амалга оширилган ютуқлар ҳақида маълумот берилади. Жумладан, “Ўзбекистонда пахта саноати соҳасида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ниҳоясига етди”, дейилган.
Шу билан бирга, немис нашри мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича эришилган натижаларга қарамай, “Cotton Campaign” ташкилоти Ўзбекистонда эришилган ютуқларни эътиборсиз қолдиришда давом этаётгани, шунингдек, эскирган ҳисоботлар асосида ўзбек пахтасини бойкот қилишга чақиришда давом этаётганини айтади.
Шунга қарамай, Европа Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланаётганини ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнининг ортга қайтмаслигини тобора кўпроқ эътироф этмоқда.