Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Хитойнинг Шанхай ва бошқа провинциялар бозорларига киришини соддалаштириш тартиблари муҳокама қилинди
Мамлакатимизнинг Шанхайдаги (Хитой Халқ Республикси) Бош консуллиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекцияси ва Шанхай божхонаси вакиллари иштирокида онлайн музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн мулоқот давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Шанхай ва Шарқий Хитойнинг қўшни провинциялари —Тсзянсу, Чжетсзян, Анҳуй бозорларига кириб боришини соддалаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
Шанхай божхона хизмати вакиллари ҳайвонлар, ўсимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг карантини, карантин назорати тартиб-қоидалари тўғрисида маълумот беришди. Ўсимликлар хавфини таҳлил қилиш, импорт қилинадиган ўсимликларнинг патогенларини аниқлаш усуллари, Хитойда ўсимликларни текшириш ҳамда карантин бўйича қонунчилик ва тартиб-қоидаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар кўтарилган масалаларни янада ривожлантириш ва карантин хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.