Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Осиё тараққиёт банки президенти билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди
Бугун, 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов видеоконференцалоқа шаклида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацугу Асакава билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқотда Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш бўйича жорий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида М.Асакава Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг сифатли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, махсус тиббий муассасалар ва карантин зоналарини ташкил этиш, аҳолига тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва пандемия шароитида ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, банк раҳбарияти устувор йўналишлар бўйича Ўзбекистонга келгусида ҳам ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, коронавирус тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, Сирдарё вилоятининг талафот кўрган инфратузилмасини тиклашга қаратилган чораларни молиялаштириш давом эттирилишини қайд этди.
ОТБ президенти Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ҳамда жиҳозлаш учун 100 миллион доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганини маълум қилди. Кредит жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда.
Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 миллион долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, инфратузилмавий қурилиш ва хусусий секторни ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолати ҳамда уларни амалга оширишни тезлаштириш механизмларини алоҳида муҳокама қилди.
Музокаралар якунида ОТБ билан амалдаги ҳамкорлик дастури доирасидаги фаол алоқаларни давом эттириш, 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги дастур бўйича келишиш ишларини бошлашга қарор қилинди.