Ўзбекистон туризм соҳаси халқаро рейтингларида қандай ўринларда қайд этилади?
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайтида мамлакатимизнинг туризм соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрни ҳақида маълумот эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда туризм соҳасининг изчил ривожлантирилиши мамлакатимизни ушбу йўналишдаги юқори кўрсаткичли халқаро рейтингларга киритиш имконини берди. Хусусан, ўтган йил давомида Ўзбекистон 10 га яқин нуфузли нашрлар («The New York Times» (АҚШ), «The Guardian» (Буюк Британия), рейтинг компаниялари ва порталлари («CrescentRating», «Wegoplace») томонидан энг саёҳатбоп туристик мамлакатлардан бири сифатида тан олинди.
Жорий йил бошида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ўзбекистонни туризм соҳаси тез ривожланаётган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этди. Мамлакатимиз рейтингда Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатларни ортда қолдириб, тўртинчи ўринни эгаллади.
Таъкидлаш жоиз, соҳа статистикасини такомиллаштириш 2018 йилда Ўзбекистон Республикасига биринчи марта Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг «Compendium of Tourism Statistics 2013-2017» статистик тўпламига кириш имконини берди.
«Compendium of Tourism Statistics» ҳар йили 200 дан ортиқ мамлакат туризм соҳасидаги асосий кўрсаткичларининг янгиланиб борувчи базаси ҳисобланади. Жаҳон туризм ва саёҳатлар кенгаши (WTTC), Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар учун дунё мамлакатлари туризм рейтингини тузишда манба бўлиб хизмат қилади.
Энг нуфузли халқаро рейтинглардан бири ҳисобланган «WTTC» рейтингида Ўзбекистон 183 ўринни эгаллаган. Миллий статистика тизими методологиясини такомиллаштириш ҳамда туризмни тезкор ривожлантириш натижасида 2021 йилга бориб, мамлакатимизнинг рейтингда етакчи юзталикда қайд этилиши кутилмоқда.