Ўзбекистон ва Миср ТИВ раҳбарлари ўринбосарлари мулоқотида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков Миср Араб Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Хани Салим билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, 2018 йил сентябрь ойида Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Абдулфаттаҳ ас-Сисининг учрашуви ва музокаралари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Халқларимизнинг маънавий, тарихий-маданий умумийлиги, урф-одатларининг ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам асоси экани таъкидланди. Шу ўринда Миср томони Искандария кутубхонаси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, 2019 йилда 40 дан ортиқ Миср делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюриб, 10 та бизнес форуми ва Б2Б шаклидаги учрашувларда иштирок этди, ушбу тадбирлар давомида 30 дан ортиқ битимлар ва меморандумлар имзоланди.
“Ўзбекистон – Миср” ва “Миср – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди, бу эса қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини беради.
Томонлар халқаро аҳамиятга молик бошқа долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.