Ўзбекистонда маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятини KPI асосида баҳолаш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида «Ўзбекистонда маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятини KPI (самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари) асосида баҳолаш» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари ва мустақил экспертлар, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи делегацияси ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев, Европа делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари маслаҳатчиси, ҳамкорлик бўлими бошлиғи жаноб Франсуа Бежо, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним, Европа делегациясининг Ўзбекистондаги вакили Алессандро Лиамин ўз тақдимотларида KPI тизимига асосланган баҳолаш ва ҳисобдорлик тизимининг татбиқ этилиши ушбу органлар фаолиятида меҳнат унумдорлиги ва натижадорлигини оширишда катта замин яратишини билдирди. Шу билан бирга, бу тизим ривожланган хорижий мамлакатларда ижобий натижа бераётганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, семинарда БМТ Тараққиёт дастури консультантлари томонидан тайёрланган тақдимот ва мустақил экспертларнинг фикрлари эшитилди. АҚШ, Австралия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ирландия ва Россия каби мамлакатларда амалиётда фойдаланилаётган KPI тизими тўғрисида маълумот берилди.