МДҲга аъзо давлатлар экспертлари Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўшма баёнот лойиҳасини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида бугун МДҲга аъзо давлатлар экспертлари видеоконференцалоқа шаклида Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёноти лойиҳасини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ матбуот хизматига кўра, тадбирда Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова (кузатувчи сифатида), Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этдилар.
Муҳокама қилинаётган ҳужжат жаҳон ҳамжамияти эътиборини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, жумладан, уларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш вазифалари билан боғлиқ мақсадларда ишлатишнинг заруратига эътибор беришга ундайди.
Учрашувда ҳужжат лойиҳаси юзасидан томонларнинг эътироз ва таклифлари муҳокама қилинди ва матннинг асосий бандлари келишилди.
Қўшма баёнот лойиҳасини муҳокама қилишни жорий йилнинг 21-август куни видеоконференция шаклида давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Лойиҳа маъқуллангандан сўнг ҳужжат жорий йил октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида қабул қилиниши режалаштирилмоқда.