«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чоралар муҳокама қилинди
Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг Чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.
Онлайн мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда томонлар «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чораларини муҳокама қилишди. Жумладан, ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутларини ва темир йўл кенглиги масалаларини муҳокама қилишди.
Онлайн мулоқотда Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётганини яна бир бор таъкидлади.
— Пандемия сабаб карантин чораларининг кучайтирилиши давлатлар иқтисодиётига, биринчи галда, транспорт соҳасига жиддий таъсир этмоқда, — деди Э.Ғаниев. — Пандемия туфайли дунё давлатларида юзага келган оғир вазиятга қарамасдан бугунги кунда фақатгина темир йўл транспорти деярли ҳеч қандай чекловларсиз фаолият кўрсатмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзи «Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳасини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда. Ушбу темир йўл «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида энг муҳим транспорт йўлагига айланиши мумкин.
Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов темир йўл қурилиши юзасидан тақдим этилган учта йўналиш бўйича SWOT – таҳлиллари ўтказилганини таъкидлаб, юк оқимини шакллантириш, ташувлар самарадорлиги ҳамда темир йўл тармоғи ўтувчи Қирғизистон минтақаларининг келажакдаги ривожланиши нуқтаи назаридан энг мақбул йўналиш «Торуғарт – Арпа – Қўш-Добо – Мақмал – Жалолобод» эканини айтиб ўтди.
Хитой вакили Чжэн Чипин молиявий нуқтаи назардан Қирғизистон томони таклиф этаётган йўналиш бўйлаб қурилишнинг амалга оширилиши яхши таклиф эканини, бироқ темир йўл кенглиги ва йўналиш маршрути бўйича экспертлар ягона тўхтамга келмагани боис бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда томонлар темир йўл қурилиши бўйича энг мақбул йўналишни танлаш, шу билан бирга молиявий-иқтисодий масалаларни кўриб чиқиш, келажакда темир йўлни эксплуатация қилиш юзасидан лойиҳанинг инвестиция моделини ва қурилишнинг техник-иқтисодий жиҳатларини ўрганиш бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олишди.