«Uzbekistan Airways» махсус чартер рейси орқали АҚШ ва Канададан 257 юртдошимиз ватанга қайтарилди
Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан, АҚШ ва Канадада вақтинча бўлиб турган ва коронавирус пандемияси оқибатида қийин вазиятга тушиб қолган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг қайтиб келишини таъминлаш мақсадида 16-17 июль кунлари Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги махсус чартер рейси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 26 ва 28 июнь кунларидаги чартер рейслардан сўнг яна 672 фуқаро ватанга қайтиш учун рўйхатга турган. Навбатдаги чартер рейсига рўйхат тузишда ноиммиграцион визада бўлган стажерлар, талабалар, сайёҳ сифатида келганлар, қариндошларининг уйларида аккредитация қилинган, шунингдек, олдинги рейсларда уча олмаган ватандошларга устуворлик берилган.
Махсус чартер рейс билан 257 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 8 чақалоқ Ўзбекистонга қайтарилди.
Коронавирус пандемияси даврида АҚШдаги ваколатхоналаримизнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизнинг 788 фуқароси хавфсиз тарзда Ўзбекистонга қайтарилди. Улардан 760 нафар ватандошимиз «Uzbekistan Airways»нинг Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналишидаги чартер рейсларида ва 28 киши Истанбул, Дубай, Лондон ва Сеул шаҳарлари орқали олиб кетилди.
Ҳозирда Тошкентга учишни истаган одамларнинг янги рўйхати тўлдирилмоқда. Айни пайтга келиб уларнинг сони 500 кишидан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларидаги консуллик идоралари АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг бошқа давлатларида бўлиб турган фуқароларимизга мамлакатимизга қайтишни коронавирус билан боғлиқ вазият нормаллашгандан сўнг режалаштиришни тавсия этмоқда.
Агар бунинг иложи бўлмаса, фуқаролар АҚШдан Ўзбекистонга ташкил қилинадиган навбатдаги чартер рейслари йўловчилари рўйхатига киритиш бўйича элчихона ёки Бош консулхонага мурожаат қилишлари керак. Консуллик ходимларининг алоқа маълумотлари дипломатик ваколатхоналаримизнинг веб-сайтларида мавжуд.