Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро Инновация маркази фаолиятини ривожлантириш Стратегияси ишлаб чиқилмоқда
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро Инновация маркази томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро Инновация маркази фаолиятини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқиш» лойиҳасининг дастлабки босқичида олиб борилган ишларга бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда халқаро ташкилотлар вакиллари, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар. Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А. Назаров, Шўрланиш шароитида биодехқончилик халқаро марказининг (ICBA) Ўрта Осиё ва Кавказ давлатларидаги координатори А. Каримов, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Х. Хасанов, Оролбўйи халқаро Инновация маркази директори Н. Мирзамуратов, “KPMG LLC” консалтинг компанияси департаменти раҳбари И. Кортецкий семинар иштирокчиларига қутлов нутқлари билан мурожаат қилдилар.
– Орол денгизининг қуриши – замонамизнинг энг йирик глобал экологик фожиаси ва ўткир муаммоларидан биридир, – деди Азимжон Назаров. – Унинг оқибатлари бутун ҳудуднинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Шундай экан, Оролбўйи халқаро Инновация маркази ва унинг келажакда тутган ўрни,, иш фаолиятининг натижадорлиги, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш мазкур тадбир иштирокчиларининг саъй ҳаракатларига чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро Инновация маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва Шўрланиш шароитида биодехқончилик халқаро марказининг (ICBA) илмий техник кўмагида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро Инновация марказини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тендер танловлари эълон қилинган эди. Ушбу танлов натижасига кўра имкониятлари юқори баҳоланди ва Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ўз иш фаолиятини бошлади.
Эндиликда “KPMG LLC” халқаро консалтинг компанияси Оролбўйи халқаро маркази фаолиятини муваффақиятли ривожлантиришга қаратилган фаолият олиб боради. Хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, синовлар ўтказиш учун тажриба далаларини ташкил этиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни ҳаётга татбиқ этиш стратегияси ишлаб чиқилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги