Пиза университети Ўзбекистонда геодезия, картография ва кадастр соҳаларида кадрлар тайёрлашга ёрдам беради
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат геодезкадастри билан Пиза университети раҳбарияти ҳамда мутахассислари ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Европа Иттифоқи Эрасмус + дастурининг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Учрашувда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиалини ташкил этиш лойиҳасининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, карантин чекловларини ҳисобга олган ҳолда кейинги ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Университет ректори профессор Паоло Мансарелла Пиза университети Эрасмус + дастурининг қатор лойиҳалари доирасида Ўзбекистон билан узоқ вақтдан буён ҳамкорлик қилиб келаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, университет мамлакатимизни Марказий Осиёдаги стратегик шериги сифатида кўради ва муносабатларни янги босқичга кўтаришдан манфаатдор.
Профессор Тошкент шаҳрида талабалар шаҳарчасини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. У Пиза университетининг ушбу лойиҳани халқаро фаолият доирасида илгари суришга тайёрлигини ва қизиқишини тасдиқлади.
Шу билан бирга, ректор пандемия билан боғлиқ сабабларга кўра, лойиҳани амалга ошириш муддати номаълум муддатга қолдирилишидан афсусда эканини билдирди. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши чўзилиб кетмаслиги учун у амалий ҳамкорликни масофавий тарзда бошлашни таклиф қилди.
Хусусан, масофавий ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик талабаларнинг онлайн тарзда ташкил қилинадиган тайёрлов курсларида (Foundation Courses), кейинги босқичда эса Пиза университетида таҳсилни давом эттиришларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Ўзбекистон ёшлари Пиза университети дастурига мувофиқ геология ихтисослиги бўйича геология, геодезия, картография ва кадастр мутахассиси бўлиб етишади. Ушбу шаклдаги таҳсил аллақачон университет билан унинг Лучча шаҳридаги кампуси ўртасида амалга оширилмоқда.
Пиза университети дастури мажбурий ва ихтиёрий фанларни ўз ичига олади. Университет Ўзбекистон томони учун қулай бўлган бир йиллик тайёрлов курси ва 3 йиллик бакалавр даражаси таҳсилини биргаликда амалга оширишга тайёр.
Масофадан ўқувчи талабалар Пиза университети тингловчилари ҳисобланади ва барча хизматлардан, шу жумладан рақамли кутубхона, дастурий таъминот, ўқув серверлари, касбий пиллапоя бўйича тайёрланишлардан фойдаланишлари мумкин. Ўқишни тугатгандан сўнг, улар халқаро миқёсда тан олинган Италия таълими дипломларига эга бўлади.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида тажриба ҳамда фикр алмашиш учун Италия ва Ўзбекистон геологлари, географлари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Учрашув якунида тегишли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва 2020-2021 ўқув йилида лойиҳани бошлаш тўғрисида келишувга эришилди.