Ўзбекистон делегацияси савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун Туркияда бўлиб турибди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Делегация таркибига вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари вакиллари киритилган. Анқарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлигининг хабар беришича, душанба куни Ўзбекистон делегацияси Туркия вице-президенти Фуат Октай билан учрашув ўтказади, шундан кейин турк ишбилармон доиралари вакиллари ва Туркия ҳукуматининг қатор аъзолари билан музокаралар бўлиб ўтади.
Сардор Умурзоқов душанба куни кечқурун "Пандемия даврида иқтисодий дипломатия: Ўзбекистон ва Туркия тажрибаси" мавзусидаги тадбирда чиқиш қилиши кутилмоқда.
Ташриф дастурига кўра, делегация Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш учун вазирликлар ва идоралар, Туркиянинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказади.