Ўзбекистон ҳукумати делегацияси раҳбари TIKA президенти билан истиқболдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Туркия Республикасига ташрифи давомида Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов сешанба куни Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) президенти Серкан Каялар билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркиядаги эпидемиологик вазият, пандемиянинг ҳар икки мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш билан боғлиқ жиҳатлар, давлат бошқаруви, рақамли технологияларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг қатор долзарб масалалари, шунингдек, маданий ва тарихий меросни сақлаб қолиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Туркия томонига Сардоба сув омборида рўй берган ҳалокатнинг оқибатларини бартараф этишдаги ёрдам ва Ўзбекистонда пандемияга қарши кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Туркияга амалга оширган ташрифидан кейин икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, TIKA билан ҳамкорлик ўрнатилганидан буён соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, таълим муассасаларини замонавийлаштириш борасида умумий қиймати 52,4 миллион долларлик 800 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, ўтган уч йил мобайнида Агентлик кўмагида умумий қиймати 26 миллион АҚШ долларлик 147 лойиҳа амалга оширилди. Шу нуқтаи назардан, техник ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олди.
Шунингдек, яқин келажакда ҳамкорлик учун аниқ йўналишлар, жумладан, Ўзбекистон давлат органлари кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этиш, Бухоро шаҳридаги «Арк» мажмуасидаги масжидни ва Хива шаҳридаги «Иброҳимбой» ансамблининг мадрасасини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Орол денгизи ҳудудини кўкаламзорлаштириш, TIKA иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқув марказини ташкил қилиш, Ўзбекистонда солиқ, молия соҳаларига рақамли технологияларни жорий этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида 2021-2023 йилларга мўлжалланган вазифалар дастурини шакллантириш, ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасида лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.