Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Туркия савдо вазири билан икки томонлама савдо айланмасини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркияга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркия Республикаси савдо вазири Рухсарой Пекжан билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Учрашувда савдо муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасида савдо-иқтисодий шерикликнинг стратегик аҳамиятга эга экани ва сўнгги йилларда унинг кўлами барқарор ўсиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 22,7 фоиз ўсишни кўрсатди.
Томонлар пандемия таъсирига қарамай, ўзаро савдо ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятларини тасдиқлашди. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ҳар икки мамлакат тегишли идораларининг эксперт ва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим лойиҳасини тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, савдо-иқтисодий масалалар, жумладан, ҳар икки мамлакат карантин хизматлари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Ҳамкорлик мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасида ўсимликлар карантини соҳасида ишлаб чиқилаётган ҳамкорлик Битим доирасида амалга оширилиши кутилмоқда. Битим имзоланиши мамлакатларимиз бозорларига маҳсулот етказиб беришда ўзбек ва турк тадбиркорларининг харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Мулоқот давомида томонлар транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Учрашувда жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрида Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятлари томонидан юк ташиш учун 50 фоиздан 70 фоизгача тариф чегирмаларини жорий этиш тўғрисидаги баён имзолангани таъкидланди. Шунингдек, Туркия томонига мамлакат темир йўл маъмуриятининг ушбу баёнга эҳтимолий қўшилиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шунингдек, Туркия томонига Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилиши чоғида мамлакатимизни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Туркияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси»нинг бажарилиши алоҳида кўриб чиқилди. Томонлар ушбу ҳужжатнинг барча бандларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва янги мониторинг механизмини жорий этишга келишиб олди.
Учрашув якунида келгусидаги ҳаракатлар режалаштирилди, икки мамлакат ташқи иқтисодий идоралари даражасида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришни яхшилаш бўйича келишувга эришилди.