Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлади
“Ўзбекистон муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан Афғонистонда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлайди”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг бугун эълон қилинган баёнотида, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ушбу муборак кунларда ўт очишнинг тўхтатилиши афғонлараро тинчлик музокараларини бошлаш учун зарур шароит яратишига умид қиламиз, - деб қайд қилинган баёнотда. - Ўзбекистон барча афғон томонларини мамлакатнинг тинч келажаги йўлида ушбу эзгу мақсадга эришишда оқиллик ва конструктив ёндашув намойиш этишга чақиради”.
Таъкидланишича, “ўз навбатида, Ўзбекистон Афғонистон халқи билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, афғонлараро сиёсий жараённи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда тинч ва фаровон Афғонистон барпо этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади”.