«Ўзархив» агентлиги АҚШнинг Холокост музейи билан ҳамкорлик шартномаси имзолади
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ва Америка Қўшма Штатлари Холокост ёдгорлик музейи ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолашга бағишланган онлайн тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири агентлик манбасига асосланиб.
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ва АҚШ Холокост ёдгорлик музейи ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2003 йилда бошланган. Мазкур ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эвакуация қилинган яҳудийлар тақдири билан боғлиқ айрим архив материаллари АҚШ Холокост ёдгорлик музейига тақдим этилган.
АҚШ Холокост ёдгорлик музейи 1993 йилда ўша вақтдаги АҚШ Президенти Б.Клинтон томонидан очилган. Шу вақтга қадар 44 миллиондан ортиқ киши, шу билан бирга 132 давлатдан 100 га яқин давлат раҳбари ҳамда 4 мингга яқин юқори мартабали меҳмон ушбу музейга ташриф буюрган. Музейнинг Нью-Йорк, Бостон, Бока Ратон, Чикаго, Лос Анжелос ва Даллас шаҳарларида ўз офислари бор.
Ҳамкорлик шартномасини имзолашга бағишланган тадбир масофадан онлайн тарзда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов, Холокост Миллий ҳужжатшунослик институти директори Ребекка Боелинг, мамлакатимизнинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ҳар икки томон тарихига оид АҚШ музейи ва мамлакатимиз архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан танишиш, нусхалари билан алмашиниш имкониятларини яратиш, юртимиз мутахассислари учун ўқув ва тадқиқот дастурларини ташкил этиш, қоғоз ва электрон кўринишдаги архив ҳужжатларини бошқариш ва сақлашни ташкил этиш соҳасида малака алмашишдан иборат. Шунингдек, ушбу шартнома илмий-тадқиқот ишланмаларида архив ҳужжатларни рақамлаштириш ҳамда жисмоний шикастланган архив ҳужжатлари реставрациясида музей томонидан қўлланиладиган янги технологиялар бўйича тажриба алмашишга имкониятлар беради.