Ўзбекистон ва Ҳиндистон банклари мамлакатимиздаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида "Ўзсаноатқурилишбанк" ва Ҳиндистон Эксимбанки раҳбарияти ўртасида видеоконференцалоқа форматида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида "Ўзсаноатқурилишбанк" бошқаруви раисининг ўринбосари З.Aзимов ҳиндистонлик ҳамкорларга банк, унинг фаолияти ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ҳиндистон Эксимбанкига Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар, хусусан, водород пероксид, фармацевтик капсулалар ва ионизаторлар ишлаб чиқаришни биргаликда молиялаштиришда иштирок этиш таклиф қилинди.
Ўз навбатида, Ҳиндистон Эксимбанки бош директори М.Саркар ҳинд томонининг юқоридаги лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этишдан манфаатдорлигини маълум қилди ва Ўзбекистон таклифларини ижобий кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар тегишли кредит шартномасини имзолаш масаласини кўриб чиқиш, керакли маълумот ва фикрлар билан доимий равишда алмашиш, шу жумладан, яқин келажакда кейинги музокараларни ўтказиш тўғрисида келишиб олди.
Ҳиндистон Эксимбанки - кичик ва ўрта бизнесни экспорт кредитлаш соҳасида етакчи давлат банки. У 1981 йил ташкил этилган бўлиб, бош офиси Мумбайда жойлашган. Кредит линиялари товарлар, хизматлар, технологиялар ва ускуналар экспортини қўллаб-қувватлашнинг асосий молиявий механизми ҳисобланади. Улар чет эл ҳукуматлари (ва уларнинг марказий банклари), миллий ва минтақавий тараққиёт банклари, хорижий молиявий институтлар ва тижорат банклари фойдасига очилиши мумкин.