Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси 7 август куни чақирилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференцалоқа шаклида мажлиси бўлиб ўтди. Юқори палата Раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисини 2020 йил 7 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Сенат манбасига асосланиб.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда “Таълим тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Ялпи мажлисда, шунингдек, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йиллик ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, қолаверса, ички ишлар, ташқи ишлар ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирларининг ахборотлари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан, мамлакатда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳамда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати тўғрисида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматига парламент сўровлари юбориш масаласи ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.