ШҲТ Бош котиби: “Коронавирус эпидемияси шароитида кўрсатилаётган ўзаро ёрдам ШҲТга аъзо давлатлар халқлари дўстлигига ёрқин мисол
"ШҲТ оиласи" давлатлари Халқаро дўстлик кунини кенг нишонлашди, бу нафақат одамлар, балки халқлар, мамлакатлар, қитъалар ва турли жамоалар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
ШҲТ Бош котиби Владимир Норов Халқаро дўстлик кунини нишонлаш муносабати билан ТАСС ахборот агентлигига (Россия) интервью берди ва унда қуйидагиларни таъкидлади.
“Халқаро дўстлик кунининг асосий ғояси дўстликнинг долзарблиги ва аҳамиятини барча одамларга хос бўлган олижаноб туйғу ифодаси сифатида тан олишдир”, – деди В.Норов.
Унинг қайд этишича, айни пайтда дунё турли муаммоларга дуч келмоқда, қашшоқлик ва очликдан тортиб то баъзи одамларнинг бошқаларга нисбатан тоқат қилмаслиги каби ҳолатлар шулар жумласидан.
"Шу сабабли Халқаро дўстлик куни дунёнинг турли мамлакатларидаги одамларни ижтимоий ва бошқа муаммоларга қарши бирлашишга, бир-бирларига бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради", - деди ШҲТ Бош котиби. Унинг таъкидлашича, ушбу байрам Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган мамлакатларда кенг нишонланмоқда.
– 2007 йилда ШҲТга аъзо давлатлар яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолагани биз учун алоҳида муҳим ва рамзий ҳақиқат бўлиб, улар ўзаро дўстлик алоқаларини халқларимизнинг авлоддан-авлодларига ўтиб, давом этиши учун мустаҳкамлашга қарор қилишган, – дея таъкидлаган Владимир Норов.
Унинг сўзларига кўра, "ШҲТга аъзо давлатларида умумий, шу жумладан янги чақириқ ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича келишилган саъй-ҳаракатларни, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятида муносабатларни тубдан янгиланган тузилишини шакллантиришга интилиш алоҳида аҳамият касб этади".
– Яхши намуна, – деди Владимир Норов, – бу ташкилотнинг ҳужжатларида белгиланган “Шанхай руҳи” бўлиши мумкин. Бу ўз фаолиятининг ўзига хос жиҳати бўлиб, очиқлик ва ШҲТ мамлакатлари ўртасида дўстликни ўзаро ҳурмат, тенглик тамойиллари асосида, ўз халқларининг ўзига хос хусусиятлари ва қадриятларини ҳисобга олган ҳолда доимий равишда такомиллаштиришга интилишини англатади. Ташкилот аъзолари халқаро сиёсат, иқтисодиёт ва маданиятнинг муҳим соҳаларида келажакка йўналтирилган ҳамкорликка масъулият билан ёндашмоқдалар.
"Бугун ШҲТ жаҳон сиёсатининг муҳим, ажралмас қисмига айланди, унинг глобал характери тобора ортиб бормоқда, ШҲТ фаолияти кенг кўламли кўп тармоқли характерга эга бўлишда давом этяпти", - деди В.Норов Россия ахборот агентлигига берган интервьюсида.
"Шанхай руҳи" тамойилларини ишлаб чиққан ҳолда, Бош котиб ўзаро ишонч, манфаатдорлик, тенглик, маданиятларнинг хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланишга интилиб, ШҲТга аъзо давлатлар халқлари ва мамлакатларининг яқинлашиши йўлида иш олиб бораётганини билдирди.
ШҲТнинг Циндао саммити декларациясида аъзо давлатлар раҳбарлари "ШҲТ доирасида маданий алоқаларни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, маданиятларнинг хилма-хиллигини сақлаш ва тарғиб қилишни" давом эттиришга бўлган интилишларини тасдиқлаган. ШҲТнинг бу борадаги фаолияти дўст халқлар ўртасида маънавий бирдамлик ва дўстликнинг ижобий равнақ топишида акс этмоқда. Фақат қадимий тарих, бой ва бетакрор маданий анъана ва мерос, бир-бирининг урф-одатлари билан танишиш орқали давлатлар ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни шакллантириш, шунингдек, ёш авлодни дўстлик, бошқа халқларнинг маданий хусусиятларига ҳурмат руҳида тарбиялашни таъминлаш мумкин.
"Коронавирус эпидемиясига қарши курашда жамоавий ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг намоён бўлиши ШҲТга аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги дўстликнинг ёрқин намунасидир", - деди Владимир Норов интервью якунида.