Дин ишлари бўйича қўмита ва «Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий маърифат маркази одам савдоси, ноқонуний миграция, экстремизмни олдини олиш бўйича ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва «Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий маърифат маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбир Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати манбасига асосланиб.
Ушбу меморандум давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, республиканинг турли вазирлик ва идоралари иштирокида бир қатор йўналишлар бўйича мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Ҳамкорлик меморандуми доирасида томонлар одам савдоси, ноқонуний миграция, экстремизм ва терроризм, жиноятчилик ҳамда бошқа салбий оқибатларга олиб келадиган ҳаракатларни олдини олиш борасида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этилади.
Шунингдек, турли ёт оқимларга аъзо бўлиб зиддиятли ҳудудлардан юртимизга қайтарилган ёки қайтиб келган фуқароларни реабилитация ва реинтеграцияси борасидаги дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолининг турли қатламлари билан ишлаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилади.