Бандлик ва меҳнат вазирлиги: январь-июнь ойларида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан аҳолига 10,1 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилди
Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манбасига асосланиб.
Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, жорий йилнинг июнь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ишлаб чиқилган методика бўйича республиканинг 101 та шаҳар ва туманида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Унда 490 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи, 4,9 мингта уй хўжалиги ҳамда 25,9 минг нафар фуқаро қамраб олинган.
СOVID-19 пандемияси даврида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир қилди.
Ўтказилган тадқиқот натижалари Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 13,2 фоизини ташкил этди. 2019 йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 9,1 фоизга бўлган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони эса 1 миллион 944 минг кишига етган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда меҳнат ресурслари сони 19 миллион 84,6 минг кишидан иборат.
СOVID-19 пандемиясиянинг республика иқтисодиёти субъектлари фаолиятига салбий таъсири натижасида иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ёки 671 минг кишига камайиб, 12 миллион 736,7 минг кишини ташкил қилган.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг расмий секторда банд бўлган аҳоли сони 5 миллион 581,2 минг кишига етиб, ўтган йил шу даврга нисбатан 0,2 фоизга ёки 12,4 мингга камайди.
Бунда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган айрим чеклов чора-тадбирлар сабабли якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 167,5 минг (46,4 фоиз)га камайган. Шунингдек, ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 131,2 минг кишини жалб қилиш орқали расмий бандлар сонининг кескин камайишининг олди олинди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу даврда республикадан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 2 миллион 40 минг киши чиққан. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 553,2 минг, 2020 йилнинг 1-чорак якунига нисбатан эса 232,1 минг кишига кам.
Шу билан бирга карантин чора-тадбирлари даврида уйда ўтирган фуқаролар сони ошганлиги ҳамда фуқароларнинг шахсий томорқаларни ривожлантириш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар бериш дастури ҳажми кескин ортганлиги учун деҳқон ва шахсий томорқаларда банд бўлганлар сони 201,1 мингтага ортди.
Тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши норасмий секторда бандлар улушини камайтириш имкониятини бермоқда.
ֿБандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан аҳолига 10,1 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилди. Шунингдек, субсидиялар ҳисобига 24,8 минг фуқаро шахсий томорқаларида, 15 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида аъзо сифатида бириктирилиб, бандлиги таъминланди, дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манбасида.