Жанубий Кореядаги ватандошлар Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантириш учун сармоя киритишга тайёр
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Кимхе ва Пусан шаҳарларига ташриф буюриб, бир гуруҳ ватандошлар билан учрашувлар чоғида уларнинг Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш имкониятларини ўрганди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мазкур учрашув давлатимиз раҳбарининг чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг имкониятларидан мамлакат тараққиёти учун фаол фойдаланиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Мулоқот давомида юртдошларимизга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан фуқароларимиз имкониятларидан инвестиция ва интеллектуал нуқтаи назардан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликларнинг мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнидаги иштирокини фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди.
Суҳбатда Жанубий Кореяда яшаётган ватандошлар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Улар мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар учун янги иш ўрни яратишга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини қайд этди.
Элчихона ташаббуси билан 11 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизда амалга оширилиши белгиланган янги иш ўринлари яратиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёр эканликларини билдирди. Улар ушбу мақсадлар учун 1,5 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтиришларини маълум қилишди. Улар таклифлари элчихона томонидан тузилган «Олтин китоб» га киритилди. Шу тариқа 60 дан ортиқ ватандош томонидан жалб қилинган инвестициялар умумий ҳажми 8 миллион доллардан ошди.
Учрашувлар якунида ватандошлар бизнес лойиҳаларини ўрганиш ва келгусида амалга ошириш учун мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идораларига юборилди.