USAID Ўзбекистонда «INTILISH» ННТ билан силга қарши янги лойиҳани ҳамкорликда амалга оширади
Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва «INTILISH» нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика ахборот-таълим маркази (РАТМ) Ўзбекистонда силга қарши кураш бўйича бир миллион АҚШ долларлик янги лойиҳани ишга туширилганини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси манбасига асосланиб.
USAID «INTILISH» ННТнинг силга қарши фаолияти, айниқса, силнинг даволаниши қийин бўлган кўп дориларга чидамли шакли билан курашишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
«Ўзбекистонда сил касаллигини тўхтатиш» – уч йиллик лойиҳа бўлиб, у юзлаб болалар ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларига мансуб бўлган бошқа беморларга фойда келтиради. «INTILISH» Тошкент шаҳридаги силга қарши иккита стационар даволаш муассасасидаги болалар ва уларнинг ота-оналарига якка тартибда ҳамда гуруҳли маслаҳатлар бериш, скрининг ўтказиш, ташхис қўйиш ва ижтимоий ёрдамга йўналтириш орқали психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
Ушбу янги дастур доирасида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, ОИВ/ОИТСга қарши курашиш бўйича таянч маркази, маҳалла қўмиталари ва Тошкент шаҳрининг туман ҳокимликлари қошидаги ижтимоий мослашув марказлари “INTILISH”нинг асосий ҳамкорлари бўлиб, улар аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари – собиқ маҳбуслар, меҳнат муҳожирлари ва гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар орасида сил касалини аниқлаш ва даволаш бўйича кенг қамровли хизматлар билан таъминлайди.
Ўтган ўн йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси сил, жумладан, унинг кўп дориларга чидамли шакллари билан касалланган инсонларга ташхис қўйиш, уларни даволаш сезиларли ютуқларга эришди.
Жумладан, 2019-2025 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлашни яхшилаш миллий стратегияси концепцияси силга чалиниш ҳолатларини камайтиришга қаратилган. Ўзбекистон 2050 йилга келиб, сил касаллигини батамом тугатишни мақсад қилган, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) эса бу улкан мақсадга эришиш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкор ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, аҳоли саломатлигига жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш имкониятларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилмоқда.