Фарғона вилояти делегациясининг Туркияга ташрифи чоғида 71,5 миллион долларлик инвестициявий битимлар имзоланди
Фарғона вилояти делегациясининг Туркия Республикасига қилган амалий сафари якунлари бўйича қиймати 71,5 миллион долларлик инвестициявий ҳамда 170,1 миллион долларлик экспорт келишувларга эришилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига асосланиб.
Ташриф доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги товар айланмасини келгусида икки бараварга кўпайтириш, Фарғона вилояти ҳамда Бурса вилоятлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш борасида музокаралар олиб борилди.
Учрашувлар чоғида муҳокама этилган масалалар юзасидан самарали келишувларга эришилди. Хусусан, Бурса Улуғдағ университетининг Марғилон шаҳрида филиалини очиш, «TI-NA Global» компанияси билан олий навли ва элита уруғларини етиштириш, «IN-CO & NRG», «Yeshil Chizgi» фирмалари билан арзон ва сифатли турар ва нотурар бино ҳамда иншоотларни қуриш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Бундан ташқари, Туркиянинг “Манас” компанияси билан Фарғона вилояти ҳамда Туркия шаҳарлари, хусусан, “Фарғона-Истанбул”, “Фарғона-Анталия» ва бошқа йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Туркия хамкорлик ва ривожланиш агентлиги раҳбари Серкан Қаялар билан учрашувда Фарғона вилоятида ижтимоий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, фермер хўжаликлари раҳбарларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги малакаларини оширадиган таълим марказини ташкил этиш, боғдорчилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари малакасини Туркияда оширишларини ташкил этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш каби масалаларда музокаралар ўтказилди. Хусусан, Риштон туманидаги тарихий обидаларни таъмирлашда Туркия ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг иштирок этиш масалалари ҳал этилди.
Истанбул шаҳридаги тадбиркор Ҳусамеддин Сабри билан бўлган учрашув ҳам сермазмун тарзда кечди. Турк тадбиркори билан олиб борилган музокаралардан кейин Фарғона вилоятига 2 миллион доллар ҳажмидаги инвестиция киритиш орқали ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий келишувлар соҳасида Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув цемент» МЧЖ билан Туркиянинг «Balci Nurtidin» компанияси ўртасида инновацион усулда қурилиш материалларини ишлаб чиқиш бўйича 50 миллион долларлик инвестицион ҳамда Қўқон шаҳридаги «Indorama Kokand Textile» АЖ ҚК билан Туркиянинг «Kaviltex Teknik Tekstil Danismanlik San Ltd.STI» билан пахта толаси ва газлама маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 22 миллион долларлик экспорт келишувлари каби 39 та битим имзоланди.