Жанубий Корея компанияси Қувасой шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилишда иштирок этади
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов ва «Hyundai Engineering Co., Ltd.» компанияси катта вице-президенти Ха Чонг Хюн ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги қошидаги Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмасининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Музокаралар давомида Қувасой шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини когенерацион технологияларни жорий этиш орқали модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳа бўйича муҳокамалар Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевнинг жорий йил июль ойида Корея Республикасига ташрифи чоғида бошланган, шунингдек, «Hyundai Engineering Co., Ltd.» компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилган эди.
Томонлар Қувасой ГЭСнинг ҳозирги ҳолати, уни реконструкция қилиш ёки янги объектни қуриш истиқболлари, шунингдек, лойиҳаларни молиялаштиришни чуқур ўрганиш бўйича маълумот алмашди.
Ха Чонг Хьюн «Hyundai Engineering Co., Ltd.» компанияси мазкур лойиҳага қизиқиш билдираётганини тасдиқлади. У, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида компания мутахассисларини Фарғона вилоятига масъул раҳбарлар билан учрашиш ва объект билан танишиш учун юборишга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, Жанубий Корея томони ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашни таклиф қилди.
Музокаралар натижасида муҳокамалар ва маълумот алмашишни давом эттириш, шунингдек, «Hyundai Engineering Co., Ltd.» компанияси мутахссислари тадқиқотидан сўнг Қувасой шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимлари бўйича икки томонлама ҳужжатни имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.