Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ҚХРХЖ президенти 47 миллион доллар миқдоридаги келишувни имзоладилар
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ҚХРХЖ) Президенти Ж.Унгбо «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасининг 2-босқичи доирасида 47 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш тўғрисидаги Битимни видеоконференцалоқа шаклида имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Битим шартларига мувофиқ, ҚХРХЖ 46,2 миллион доллар миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли қарз маблағларини, шунингдек, 800 минг доллар миқдоридаги грант маблағларини ажратади.
Лойиҳа Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилган. У қуйидаги қатор таркибий қисмлардан иборат:
- Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциацияси, Балиқчилик уюшмаси, Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларини жорий этиш учун агросаноат корхоналари ва фермерларнинг кредит мажбуриятларини кафолатлаш бўйича имкониятларини кенгайтириш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини молиялаштириш;
- кредит маҳсулотларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига қишлоқ жойларда ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш;
- қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида суғориш тизимлари, метеорологик станциялар ва бошқа инфратузилма объектларини замонавийлаштириш.
Шунингдек, лойиҳада замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар барпо этиш, экологик тоза ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш даражасини ошириш, Фарғона водийси вилоятларида қайта ишлаш қувватлари ва омборхоналар сиғимини кўпайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, қишлоқ жойларда қўшимча юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш натижасида меҳнат унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ошириш ҳисобига лойиҳа ҳудуднинг 375 мингдан ортиқ аҳолиси даромадларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу лойиҳанинг 2020-2030 йилларда Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида белгиланган стратегик мақсадларга эришиш, жумладан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, тармоқда инвестиция муҳитини яхшилаш ва маҳаллий агросаноат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳимлигини таъкидлади.
Видеоконференция якунида томонлар ишлаб чиқариш ва экспортнинг динамик ўсишини, қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишини таъминлайдиган, республика ҳудудларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатадиган барқарор ишлаб чиқариш-таъминот занжирларини яратишга келишиб олдилар. Шунингдек, ушбу секторда замонавий технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини жадал ривожлантиришга йўналтирилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга қатъий ниятларини билдирдилар.
Маълумот учун: ҚХРХЖ - БМТнинг ихтисослашган муассасаси бўлиб, унинг асосий вазифаси ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва аҳолининг овқатланиш ҳолатини яхшилаш мақсадида молиявий ресурсларни жалб қилишдан иборат. ҚХРХЖ 1977 йилдан буён 90 та мамлакатда 350 миллион одамга ёрдам бериш бўйича 700 тадан ортиқ дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш доирасида 10 миллиард доллар миқдорига яқин имтиёзли кредит ва грантлар тақдим этиб келмоқда.
ҚХРХЖнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели умумий қиймати 139,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 4 та лойиҳадан иборат. Улар Ўзбекистон мева-сабзавот сектори ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Жумладан, 1 та 28,3 миллион АҚШ долларлик лойиҳа 2019 йилда амалга оширилган. Қолган лойиҳалар эса ҳозирги вақтда амалга ошириш босқичида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва сут саноати секторида қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга қаратилган.