ICESCO Бош директори билан музокаралар тўғрисида
2020 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиков видеоконференция шаклида Ислом олами фан, таълим ва маданият масалари бўйича ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим ал-Малик билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ICESCO ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
ICESCOнинг етакчи мутахассисларини Ўзбекистоннинг илмий-тадқиқот марказларига жалб қилиш, қўшма халқаро конференциялар ташкил этиш, жаҳон тамаддуни ривожига ҳисса қўшган ўзбек олимлари ҳақида китоб нашр этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Илғор тажриба алмашиш ва инновацион таълим усулларини жорий этиш учун хориж мутахассисларини жалб этиш, шунингдек, ICESCO томонидан ўтказиладиган форум ва анжуманларда ўзбекистонлик араб тили ўқитувчиларининг иштирок этишига қизиқиш билдирилди.
Салим ал-Малик Ўзбекистоннинг тарихий исломий обидалари ва меъморий ёдгорликларини Ташкилотнинг Ислом мероси рўйхатига киритишга ICESCO тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида махсус онлайн видео-теледастурлар ва семинарлардан фойдаланган ҳолда пандемия шароитида ўқув жараёнини давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги