Транспорт вазирлиги: Ватандошлар Россия Федерациясининг Самара ва Оренбург вилоятларидан йўловчи поездлар орқали олиб келинмоқда
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томонлари билан келишувга биноан, бугун Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.
Тошкент – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан бугун тунда Ўзбекистон томон йўлга чиқади. Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам бугун 918 нафар йўловчи билан Ватанимиз томон ҳаракатланишни бошлайди.
Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди.
Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция ва вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.
Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.
«Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз», дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.