«Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши бир неча объектив сабаблар билан боғлиқ. Жумладан, амалдаги 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун мамлакатда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмайди. Қолаверса, ушбу масалалар бўйича босқичма-босқич қарор қабул қилиш тартиби мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаган. Бу эса, ўз навбатида, мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратиб келаётир. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилмаган, шунингдек, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган.
Яна бир жиҳат. Амалдаги Қонун қабул қилинганда 31 моддадан иборат бўлган ва бугунги кунда уларнинг 15 таси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган.
Мажлисда сенаторлар янги қонун амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги қонундан бир қатор асосий қоидаларнинг мавжудлиги билан ажралиб туришини қайд этди.
Хусусан, ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилган ва мазкур масалаларда махсус коммиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланмоқда.
Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларида қабул қилинган қарорларга жойларда амал қилиниши механизмлари жорий этилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.